Сублимация

Ўтган асрнинг 20-йилларида тоғ-кон соҳасининг муҳандиси Лаппа-Старженецкий музлатилган маҳсулотларни вакуумда қуритиш учун алоҳида печни ихтиро қилади. Айнан шу печ ҳозирги инновацион ускунанинг энг содда прототипига айланган. Сублимацияланган маҳсулотлар 20 асрнинг иккинчи ярмида кенг оммалашди. Қутбчилар, денгизчилар, геологлар ва сайёҳлар, кейинроқ эса космонавтлар ҳам улар билан озиқлана бошлади.

Бугунги кунда сублимация ҳақли равишда маҳсулотларни консервациялашнинг энг мукаммал усули ҳисобланади. Вакуумли-сублимацион қуритиш орқали олдиндан паст ҳароратгача музлатилган янги озиқ-овқат маҳсулотларидаги намлик 95% гача буғлантирилади. Мазкур технология маҳсулотлардаги барча фойдали озиқ моддалар, витаминлар, минераллар ва микроэлементларни сақлаш имконини беради. Маҳсулотларнинг табиий хушбўй ҳиди, таъми ва ранги ҳам сақланади, фақат таркибидаги сув буғланиб кетиши туфайли шакли бироз ўзгаради, холос.

Сублимация жараёнида бегона моддалар – сунъий ароматизаторлар, бўёвчи моддалар ва консервантлар қўлланишига йўл қўйилмайди. Шу боис сублимацияланган маҳсулотлар “консервантларсиз” ва “табиий маҳсулот” белгилари билан ҳақли равишда маркировка қилинган. Бу уларни болалар учун мўлжалланган ва парҳез таомлар учун ҳам яроқли қилади.

Сублимацияланган мевалар, реза мевалар ва сабзавотлар – мазали, фойдали, уларни йил давомида истеъмол қилиш мумкин. Улар юқори биологик қийматга эга бўлган ҳолда мўъжазгина ҳам бўлиб, вазни енгил. Улар қўлланадиган соҳалар жуда кенг: сублимацияланган маҳсулотларни ишқибоз ва профессионал сайёҳлар ёқтиради, чунки сублиматлар юкни оғирлаштирмайди, бунинг устига улар сифатли тамаддини таъминлайди. Спортчилар сублимацияланган маҳсулотларни фаол машқлардан кейин қувватни тўлдириш учун истеъмол қилади. Парҳезшунослар енгил тамадди сифатида сублимацияланган сабзавотлар, мевалар ва реза меваларни меъёрида истеъмол қилишни тавсия этади.