Фазовий таомлар

Космонавтлар, яъни фазогирлар кунига ТЎРТ марта овқатланади ва суткасига 3200 килокалорияни истеъмол қилади! Агар парвоз узоқ давом этадиган бўлса, уларни қандай овқатлантириш мумкин? Улар овқатни қандай тайёрлайди, ахир космос шароитларида ердаги каби тортишиш кучи йўқ? Демак, “нормал” овқатни ҳам тайёрлаб бўлмайди. Биз фазогирлар овқатни тюбиклардан, яъни фазо тамадди “идишлари”дан сўрган ҳолда истеъмол қилишини биламиз. Аммо маълум бўлишича, бу овқатланишнинг ягона шакли эмас экан.

Космонавтлар сублимацияланган маҳсулотлар билан ҳам озиқланади. Деярли ҳар қандай маҳсулотни – у хоҳ янги, хоҳ тайёрланган бўлсин – сублимация қилиш мумкинлиги туфайли уларнинг рациони ҳам турли-туман бўлиб, 250 номдаги маҳсулотлардан ташкил топган. Уларнинг орасида албатта сут ва гўштли таомлар, балиқ, шўрва, мевалар, сабзавотлар ва реза мевалар бўлиши керак. Фақат тузланган бодринг ва шоколаднигина фазога асл ҳолида юборишади, чунки уларни сублимация қилишни энди ўрганишяпти…

Фазода овқатланиш алоҳида сценарий бўйича амалга оширилади. Олдинига овқат солинган ўрам махсус мосламага жойлаштирилади, у ерда ўрам сувга тўлдирилади. Кейин космонавт ўрамни қўллари билан юмшатади ва унинг озроқ жойини кесади. Овқатни ана шу тешикдан бевосита оғзига сиқади.

Космик овқат солинган ўрамлар газсимон азот билан тўлдирилган бўлиб, шу туфайли маҳсулотларни совутгичдан ташқарида ҳам сақлаш мумкин. Ўрам очилганида азот буғланиб кетади, овқатни тановул қилинадиган шаклга келтириш учун эса унга илиқ ёки иссиқ сув қўшиш керак.